Саккиз элнинг…
26 Yan 2021

16

Тошкентдаги “Akademnashr” нашриёти “Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги” ва “Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити” номли китобларни нашрдан чиқарди.

Истаймизми, йўқми, “Нега энди саккиз эл? ”, деган ўй, савол кўнгилдан кечади. Ҳар икки китоб Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган саккиз давлат – Хитой, Ҳиндистон, Россия, Покистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон халқларининг эртак ва ўгит – ҳикматли гаплари йиғиндисидан иборат.

ШҲТ мамлакатлари ва уларда истиқомат қилаётган халқларни маданий мерос бойликлари ва муштарак қадриятлари орқали бир-бирига яқинлаштириш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ҳомийлигида ушбу китоблар нашр этилди.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, яқин кунларда яна “Саккиз элнинг саксон буюк сиймолари” китоби ҳам китобхонлар ҳукмига ҳавола этилади.

Яна бир муҳим жиҳат, ушбу ташкилотга аъзо давлатларда жойлашган мўъжизавий осори-атиқа, маданий, маънавий бойликлар, юксак санъат намуналари ҳамда тарихий ва меъморий ёдгорликларни мужассам этган “ШҲТнинг саккиз мўъжизаси” деб номланган тақвим ҳам яратилди.

Одатда, халқаро ташкилотлар ҳақида гап кетганда, давлатлар, катта-кичик мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий масалалар кўпроқ тилга олинади. ШҲТда бу каби хайрли лойиҳани йўлга қўйиш кишини қувонтиради.

Иккала китобга ҳам мазкур лойиҳа муаллифи Зуҳриддин Исомиддинов сўзбоши ёзган.

Эртаклар, мақоллар қайси халққа тегишли бўлмасин юз, минг йилликлар давомида тобланиб, сайқал топиб яшаб келаётган қадриятлардир. Уларни бир китобда жамланиши эса, ўқувчига биратўла бир неча халқ маданий меросларидан баҳраманд бўлиш ва айни чоғда турфа қадриятларни ўзаро чоғиштириш имконини беради.

Асрлар давомида вақт чиғириғидан ўтган ҳар қандай эзгу қадрият бир халқ доирасидан чиқиб, умуминсоний мулкка айланиши бор гап. Бу эса, эзгуликка, халқлар ўртасидаги дўстликка хизмат қилади.

Лойиҳа муаллифининг мақсади ҳам аслида шу…

Алишер Нарзулло, ЎзА