Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатда спорт дипломатиясининг аҳамияти

07/04/2021
16

Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатда спорт дипломатиясининг аҳамияти

2014 йилдан бери бутун жаҳон ҳамжамияти “Спорт – халқаро тинчлик ва тараққиёт учун” шиори остида спорт кунини нишонлаб келмоқда.

Спорт мавжуд фарқларга қарамасдан, одамлар ва миллатларни бирлаштирадиган универсал тилдир.

Спорт ёшлар имкониятларини кенгайтиришга, саломатликни мустаҳкамлашга ва тенглик, ўзаро ҳурмат ва адолат каби қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилади.

Халқаро спорт кунида спортнинг инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қандай ҳисса қўшиши, мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ва жаҳон миқёсида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Спорт ва сиёсат, дипломатия ва спорт – шубҳасиз ўзаро боғлиқ тушунчалар, шу билан биргаликда улар орасида муҳим фарқлар мавжуд. Спортнинг ўзига хос хусусияти, мусобақа қай даражада бўлишидан қатъий назар, спортчининг спортдан оладиган завқидан иборат. Тарихга назар солсак, вақт ўтган сари инсонларда муайян спортда мукаммалликка интилиш, спортда яхшироқ, энг кучли бўлиш истаги пайдо бўла бошлаган. Шу туфайли спорт дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг томошаси сифатида халқаро ҳодисага айланган.

Табиийки, комилликка эришган спортчилар ўз мамлакати вакили сифатида уни ҳимоя қилишга ва дўстона муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилганлар. Бу ҳаракатлар эса хозирги кунда ҳам анъанавий дипломатиянинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.

Спорт дипломатиясининг расмий дипломатиядан афзаллиги шундаки, ҳеч бир мамлакат элчиси халқаро даражада ғолибликка эришган спортчи ёки терма жамоа сингари ўз юртини тез танита олмайди.

Бундан ташқари, бир аср муқаддам спортчилар ва спорт уюшмалари сиёсатга деярли таъсир этмаган бўлса, халқаро спорт ташкилотлари бугунги кунда халқаро муносабатлар тизимида йирик, айрим ҳолларда ҳал этувчи омил ҳисобланмоқда. ФИФА ёки ХОҚ каби йирик спорт ташкилотлари глобаллашув жараёни даврида тобора сиёсий ва молиявий қудратга эга бўлиб бормоқда.

Йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш мезбон мамлакат учун обрў – эътибор рамзи ва шу билан бирга, унинг маданий қадриятлари, иқтисодий ютуқлари ва спорт маҳорати даражасини дунёга намойиш этишнинг бир воситасига айланмоқда.

Ижтимоий тадқиқотлар спорт – сўнгги пайтларда – мамлакатнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга бевосита таъсир кўрсатувчи энг муҳим жиҳатлардан бири эканлигини кўрсатмоқда.

Спорт дипломатияси иштирокчиларининг доираси жуда кенг: булар спорт соҳасидаги давлат тузилмалари, халқаро ва миллий спорт уюшмалари, спортчилар, мураббийлар, спорт соҳасидаги мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар. Баъзи давлатларда спорт ишқибозлари тузилмалари (фан клублар) ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда.

Спорт дипломатиясининг шакллари ҳам жуда хилма-хилдир. Буларга спорт тадбирлари, энг аввало, Олимпия ўйинлари, Жаҳон ва Европа чемпионатлари, халқаро, қитъа, минтақавий чемпионатлар, кубок ва ўртоқлик учрашувлари каби йирик мусобақалар киради.

Спорт фестиваллари, соҳага оид кўргазмалар, халқаро анжуманлар ҳам спорт дипломатиясининг шаклларидир. Сўнгги йилларда миллий спорт ва кўчманчи халқлар ўйинлари ҳам нисбатан оммалашмоқда. Спорт ўйинлари доирасида кўргазмалар, концертлар, спортчилар ва санъаткорлар билан учрашувлар, олимпия ўйинлари ғолибларини шарафлаш каби тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жисмоний маданият ва спорт соҳасидаги муносабатлар халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда. Спорт федерациялари, жамиятлари ва клублари ўртасидаги алоқалар спорт делегациялари, мураббийлар ва мутахассислар алмашинуви, шунингдек спортчилар ва жамоаларнинг халқаро спорт мусобақаларида иштироки давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай муҳит яратмоқда.

Спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини олиш ва юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро тажрибада бўлгани каби спортнинг турли йўналишларида эришилган ютуқлар бизнинг юртимизни ҳам дунёга танитмоқда, халқимиз салоҳиятини бутун дунёга намоён этмоқда.

Ўзбекистон спорти миллий маданиятимизнинг узвий қисми ҳисобланади. У – кенг халқ оммасини юксак аҳлоқий руҳда тарбиялашда ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан бири.

Қувонарлиси,  Ватанимиз шаънини ҳимоя қилиб жаҳон чемпионлари бўлган юртдошларимиз сони йилдан-йилга ошмоқда.

Мустақил Ўзбекистонга Олимпиададаги илк медални 1994 йилда, Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида бўлиб ўтган қишки Олимпиадада Лина Черязова фристайл спорт туридан тақдим этган бўлса, Рио-2016 ўйинларида мамлакатимиз спортчилари умумий ҳисобда 13 та медални қўлга киритишди. Бу юртдошларимизнинг Олимпиададаги энг яхши натижаси ҳисобланади. Ушбу медалларнинг 7 тасини қўлга киритган боксчиларимиз спортнинг ушбу турида умумжамоа ҳисобида Россия, Қозоғистон ҳамда Кубалик рақибларини ортда қолдирган ҳолда биринчи ўринни эгаллашди. Олтин медални қўлга киритган Ҳасанбой Дўстматов Рио-2016 Олимпиадасининг 287 нафар боксчи орасидан энг яхши деб топилди.

Пеле, Марадона, Роналду, Зидан, Шумахер, Федерер, Мухаммад Али, М.Жордан, Харламов, Третьяк, Карелин каби ўз юртини жаҳонга машҳур қилган спортчилар билан бир қаторда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган, уни дунёга танитишга улкан хисса қўшган ватандошларимиз Руфат Рисқиев, Рустам Қосимжонов, Ирода Тўлаганова, Руслан Чагаев. Миржалол Қосимов, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Нуриддинов, Равшан Ирматов ва бошқа юзлаб спортчиларимиз билан фахрлансак арзийди.

Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ёрқин тимсолини намоён этаётган, нуфузли спорт мусобақаларида мамлакатимиз шаънини улуғлаётган спортчиларимизнинг юксак муваффақиятларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш, ютуқларини ёшларга ибрат сифатида намоён этиш ҳамда уларни шундай юксак марралар сари чорлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда спорт дипломатияси фаол ривожланиб, спорт ҳаракатининг ўтмишдаги бой анъаналари ва замонавий имкониятларига таянмоқда. Анча узоқ ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтган спорт дипломатияси ҳозир ҳам ривожланишдан тўҳтамаган. Унинг тобора ортиб бораётган имкониятлари давлатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама сиёсий ҳамкорликнинг кўплаб муаммоларини, шунингдек, дунёдаги энг долзарб гуманитар муаммоларни ҳал этишга ҳам имкон бермоқда.

Халқ дипломатиясининг ажралмас ва муҳим бўғини ҳисобланган спорт дипломатияси ҳақиқатан ҳам сиёсий майдонда ўз ўрнига лойиқ. Спорт дипломатияси салоҳияти туфайли келажакда давлатлар ўртасида зиддиятларни камайтириш ва дўстона алоқалар ўрнатишга эришиш мумкин.

Шундай қилиб, бизнинг давримизда халқаро жамиятлар таъсири ва етакчилигининг энг муҳим воситаларидан бири бўлган спорт дипломатияси мамлакатнинг спорт маданиятини акс эттириш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, хорижий жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича энг самарали воситаларидан бири сифатида қўлланилади. Халқаро майдонда спортнинг бирлашуви эса халқ дипломатиясини ривожлантиришга, давлатлар ва халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши табиий.

Бугун Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда 6 апрелда нишонланадиган Халқаро спорт кунига бағишланган “Спорт дипломатияси – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг самарали воситаси” мавзусида давра суҳбати ўтказдилар.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмита раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон спортини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган таниқли спортчилар, мураббийлар ва мутахассислар иштирокида ўтди.

Маълумки, 2021 йилда ШҲТнинг 20 йиллиги нишонланади. Шунингдек, 2021-2022 йилларда Ўзбекистон ШҲТга раислик қилиш навбати ўтади. Давра суҳбати давомида ушбу саналар доирасида ўтказилиши мумкин бўлган спорт тадбирлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, спортни ривожлантириш ва оммалаштириш орқали Ўзбекистон нуфузини хорижда янада ошириш, хорижий тажрибаларни ўрганиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ишларни таҳлил қилиш ва мумкин бўлган истиқболлар юзасидан фикр алмашилди.

 

Қобилжон Собиров

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ

дипломатияси маркази раҳбари

06.04.2021