“Ёшлар – халқ дипломатиясининг асосий иштирокчилари ва таянчи”

05/03/2021
33

“Ёшлар – халқ дипломатиясининг асосий иштирокчилари  ва таянчи”

Шу йилнинг 4 мартида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан Ўзбекистондаги Шанхай хамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда “Ёшлар – халқ дипломатиясининг асосий иштирокчилари ва таянчи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу тадбирда университет раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти, “Истиқбол” тадқиқот маркази ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида ШҲТ Маркази раҳбари Қобилжон Собиров “Халқ дипломатияси нима?”, “Ўзбекистонга бундай дипломатиянинг аҳамияти қанчалик муҳим?”, “Нима учун айнан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар доирасида бундай тузилма ташкил этилган?” “Нима учун ёшлар халқ дипломатиясининг таянчи” ва бошқа саволлар юзасидан маъруза қилиб, мавжуд муаммоларга, уларнинг ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, маърузада ШҲТ нисбатан қисқа давр ичида халқаро муносабатларда фаол иштирок этаётган нуфузли халқаро ташкилотга айланганини, ташкилот ҳудуди ер юзининг тўртдан бир қисмини эгаллаши, дунё аҳолисининг деярли ярмини бирлаштиришини айтиб, бундай улкан салоҳиятга эга ташкилот Евроосиё қитъасидаги муносабатларнинг янги турини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини, бу жараёнда, табиийки, халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Хитойнинг Циндао шаҳрида 2018 йилда ўтказилган саммитда, Ўзбекистон Президентининг таклифига биноан, ШҲТ давлат раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинганига алоҳида урғу берилди.

Табиийки, савол туғилади: ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари нима учун айнан ёшларга мурожаат қилишди? Бунинг жавобини маърузада қайд этилгагн қуйидаги рақамлардан билиб олиш мумкин.

ШҲТ Котибияти томонидан мазкур ташкилот ҳудудида интернет тармоғидан фойдаланаётган 800 миллион кишидан тахминан 300 минг нафари экстремистик ва террористик фаолият билан шуғулланувчи турли тузилмаларга аъзо эканлиги айтилди. Мазкур статистика ўз-ўзидан ёшларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини тақозо этади. Айни пайтда дунёда 4 миллиард интернет фойдаланувчиси бор, уларнинг 71 фоизини ёшлар ташкил этади.

Маърузачи томонидан интернет тармоғи ёшларга катта имконият яратиш билан биргаликда катта хавф ҳам туғдириши мумкинлигага эътибор қаратилиб, интернет тармоқлари орқали экстремистик ва террористик мафкура аста-секин ёйилиб, салбий оқибатлар: ёшлар ёлланиши, гиёҳванд моддалар савдоси ва жиноий фаолиятдан даромад олиш кўпайиш кузатилаётгани қайд этилди.

Шу мақсадда 2009 йилда яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва чуқурлаштириш, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, турли цивилизацияларга кирувчи мамлакатлар ёшларининг биргаликдаги ривожланишига кўмаклашиш мақсадида ШҲТ Ёшлар кенгаши ташкил этилгани, мазкур Кенгашнинг мақсади – Ташкилот сиёсатининг асосий узвийлигини таъминлаш ва аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши ва ушбу ташкилот доирасидаги фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарурлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг нутқида ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасидаги долзарб масала эканига алоҳида тўхталиб, 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб  эълон қилингани бежизга эмас.

Маъруза сўнгида талаба ёшларнинг мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимизнинг халқаро нуфузини кўтаришда, хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, минтақа ёшларининг янада фаол бўлишига муносиб ҳисса қўшишга даъват этди.

 

Ўзбекистондаги Шанхай хамкорлик

ташкилотининг Халқ дипломатияси

маркази матбуот маркази