Ёш қирғиз китобхон ўқувчиларга туҳфа

05/03/2021
82

Ёш қирғиз китобхон ўқувчиларга туҳфа

            Бугун ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги энг қулай ва мазмунли даврни бошдан кечирмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида эришилган муваффақиятли ҳамкорлик даражаси биродар Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Ушбу ютуқлар, шубҳасиз, давлатларимиз раҳбарларининг яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий иродаси туфайли амалга ошмоқда.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказининг 2021 йилга мўлжалланган “йўл харитаси”да Ташкилотга аъзо давлатлар халқлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида қатор тадбирлар белгиланган.

Мана шундай тадбирлардан бири куни кеча Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган  33-умумтаълим мактабида ўтказилди.

Қирғиз тилида олиб бориладиган ушбу таълим масканида мактаб раҳбарияти, муаллимлар, мактаб ўқувчилари ва «Қирғизовул» маҳалласида истиқомат қилувчи маҳалла оқсоқоллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Марказ раҳбари Қобилжон Собиров йиғилганларга марказ фаолияти, амалга оширилган ва келажакда қилинадиган тадбирлар ҳақида қисқача гапириб ўтди.

Тадбир доирасида Марказ томонидан нашр этилган «Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги», «Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити» китоблари ва «Манас» эпосининг ўзбек тилига таржимаси ўқувчи ёшларга тақдим этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўқувчилар учун мулжалланган адабиётлар ўзининг мавзуси ва мазмуни бўйича Қирғизистоннинг тарихий, фалсафий ва маданий мероси билан таништиради.

Мазкур учрашувда ШҲТ Маркази фан ва таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Отбосаров, Қирғиз миллий маданий маркази раиси Рахматулла Жабборов, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов, Қирғизистонннинг “КАБАР” ахборот агентлиги муҳаррири Тўланбой Қурбоновлар иштирок этдилар.

Тадбир доирасида ўқувчи ёшлар байрамона кайфият бағишлаган шеърий чиқишлар ва қирғиз эпоси “Манас”га бағишланган дастур намойиш этилди.

Шу каби тадбирлар икки қардош халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни, адабиёт ва айниқса китобхонлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳизмат қилиши, яқин қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

 

Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси

маркази Ахборот хизмати