Спорт соҳасида қўшма тадбирлар муҳокамаси

08/02/2021
42

Спорт соҳасида қўшма тадбирлар муҳокамаси

       Жорий йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 20 йиллиги кенг нишонланиши ҳамда 2021-2022 йилларда Ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши муносабати билан Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази таъсисчилар ва хамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилиши мумкин бўлган тадбирлар муҳокамаси бўйича учрашувлар ўтказмоқда.

Марказ таъсисчиларидан бири Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳисобланади. Шу боис, 5 февраль куни Марказ раҳбари Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Ирматов билан учрашди.

         Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ–4881-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида кураш спорт турини янада оммалаштириш мақсадида Халқаро кураш ассоциацияси иштирокида кураш бўйича “Шанхай кубоги” беллашувини Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Шунингдек, республикамизда фаолият юритаётган ШҲТга аъзо давлатлар миллий маданий марказлари иштирокида шахмат бўйича мусобақа ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув мобайнида Марказ томонидан хорижда тахсил олаётган ёки меҳнат фаолиятини юритаётган ватандошларимиз бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун ва улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида миллий спорт марказларини очиш таклифи киритилди.

Бу таклиф вазирлик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди ва мазкур спорт марказларига керакли жиҳозлар, жумладан курашчилар кийимлари, арена матлари ва кураш мураббийлари билан таъминлаш бўйича ёрдам кўрсатилиши билдирилди.