Халқаро Инсонлар бирдамлиги кунига бағишланади

20/12/2020
10

Халқаро Инсонлар бирдамлиги  кунига бағишланади

Қашшоқликка қарши курашда инсонлар бирдамлиги

2005 йилнинг 22 декабр санасида БМТ Бош Ассамблеяси “Халқаро инсонлар бирдамлиги куни”ни ҳар йили 20 декабрда нишонлашини эълон қилди.

Бирдамлик – бу умумий манфаатлар, мақсадларга эришиш, умумий маъсулиятга асосланган ижтимоий гуруҳ аъзоларининг эътиқод ва ҳаракатлари бирлиги ҳамда ўзаро ёрдами ва қўллаб-қувватлашидир.

БМТ резолюциясида 21 асрдаги Бирдамлик инсониятнинг асосий қадриятларидан бирига айланиши тўғрисида мингйиллик декларациясига мурожаат қилинган.

1995 йил март ойида Бутунжахон саммитида “Ижтимоий ривожланиш тўғрисидаги Копенгаген декларацияси” қабул қилинди. Бунда инсониятнинг қулай ижтимоий ривожланиши учун тенг шароитлар яратиш, барча одамлар  учун ҳизматлардан тенг фойдаланиш, қочоқларни ихтиёрий равишда ҳавфсиз ўз ватанларига қайтариш, қашшоқликни йўқ қилиш, аҳолининг тўлиқ иш билан таъминлаш, адолатли ва ҳавфсиз жамиятни шакллантириш ва ривожлантириш, инсонларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва давлатларнинг сиёсий, ижтимоий ва бошқа йўналишларда аёлларнинг ролини ошириш каби муҳим масалалар белгиланди.

БМТ Бош Ассамблеяси 1996 йил 26 январда № A/RES/50/107 сонли қарорни қабул қилди ва қашшоқликни йўқ қилиш бўйича биринчи ўн йиллиги бошланганлиги эълон қилди. Айнан ушбу ҳужжат бу кунни байрам сифатида нишонлаш учун асос бўлди.

Бу сана кўпчилик одамларнинг эътиборини бирдамликнинг муҳимлигига қаратишга йўналтирилган. “Халқаро Инсонлар бирдамлиги куни” шундан эътиборан нишонлана бошланди.

Инсонлар бирдамлиги куни – бу ўзгача байрам. У бир вақтнинг ўзида кўпчиликни эътиборини тортибгина қолмай, бир нечта муҳим масалаларни бирлаштиради: турли динлар, миллатлар ва ижтимоий гуруҳлар вакилларига нисбатан бағрикенглик ва қашшоқликка қарши фаол курашдан иборат ҳамдир.

Турли миллатлар урф-одатлари ва анъаналарини чуқур хурмат қилган холатда тинч ва тотув яшашларини таъминланиши давлатнинг истиқболли ривожланишидан даракдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма-ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки хаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканини кўришимиз мумкин. Буни юртимизда яҳудийлик ва христианликка бўлган муносабатнинг тарихий ва замонавий ҳолати таҳлили мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади”, деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Мана шу каби ҳадислардан ҳам динимизнинг бағрикенглигини ва меҳнатсеварлигини яққол кўрамиз.

Меҳнатсеварлик ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган хайрли фазилатлардандир. Катталаримиз уқтиришларича, меҳнат – шодлик, роҳат ва бахт пойдевори. Ҳалол меҳнат қилган одам ҳеч-қачон қашшоқ бўлмайди.

Ўзбекнинг меҳнатсеварлиги фақат тирикчилик учун эмас, у меҳнатдан жисмоний завқ олади, руҳий завқ олади, эстетик завқ олади.

Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида жавлон уриб меҳнат қилмоқдалар.

Халқаро инсонлар бирдамлиги куни қашшоқликни йўқ қилиш ва  камбағал одамлар орасида ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар учун ҳаракат куни, ҳукуматларга халқаро  шартномалар мажбуриятларини ҳурмат қилишлари кераклигини эслатувчи кун, бу одамларнинг бирдамлик тўғрисида  хабардорлигини оширишга ёрдам беради. 20 декабр куни жамият бирлиги ҳилма-ҳилликда нишонланади ва мингйилликни ривожланиш мақсадларига эришиш учун бирдамликни мустахкамлаш йўлларини ҳам муҳокама қилади.

2020 йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг видеоконфренция шаклида бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этди. Президент ўз нутқи давомида қашшоқлик, терроризм ва глобал эпидемияларга қарши курашишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Шунингдек Президентимиз, қашшоқликни камайтириш мавзусини кўтарди-бунинг учун қашшоқликка қарши курашиш учун маъсул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг учрашувлари механизмини яратиш кераклиги таъкидлаб ўтди. Давлатимиз раҳбари бунинг учун ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни, шунингдек қашшоқликка қарши кураш бўйича мувофиқлаштирилган чор-тадбирларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда Халқаро форум ўтказишни таклиф қилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, жорий йилнинг сентябр ойида Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг яқинлашиб келаётган сессиясида қашшоқликка қарши кураш мавзусини асосий мавзулардан бири сифатида белгилаш ва ушбу муаммога бағишланган глобал саммит ташкил қилишни таклиф қилди.

Ҳозирги кунда ШҲТ мамлакатларида қашшоқликка қарши кураш нафақат умумдавлат миқёсида олиб борилмоқда. Ушбу мамлакатларда замонавий ижтимоий соҳа – ижтимоий муаммоларнинг тугунидир ва бу муаммоларнинг келиб чиқиши умуман иқтисодий соҳада эмас, балки одамларнинг дунёқараши ва менталитети, уларнинг оммавий онги ва руҳиятида мужассам бўлганидадир. Бу шуни англатадики, ижтимоий ҳизматлар ҳимоя соҳасида ижобий силжишлар фақат узоқ муддатли истиқболда мавжуд бўлади, чунки инсонни ва унда кўп йиллар давомида шаклланган нарсаларни қайта тузиш жуда машаққатли ва узоқ муддатли жараёндир.

Бугунги кунда ШҲТ давлатлари кам таъминланган оилалар ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватламоқда. Ёрдам йўналишларидан бири мактабда бепул овқатланиш, мактабларда турли-ҳил қўшимча курсларнинг очилишидан иборат бўлмоқда. Ишсизлар ўзлари эгаллаб турган иш ўринларини йўқотган тақдирда нақд пул кўринишида ёрдам пулларини оладилар.  Вақтинчалик ногиронлик сабабли ишга яроқсиз ҳолатида, шунингдек оналик учун капитал, болалар учун нафақалар, қарилик учун пенсия нафақалари, боқувчисини йўқотганда ва ногиронлик ҳолатида, шунингдек ҳарбий ҳизматчилар пенсия учун тўловлар ва ижтимоий нафақалар оладилар.

Мақсади ишсизлик билан курашиш бўлган ШҲТнинг ягона дастурини яратиш ҳам жуда муҳимдир. Ушбу дастурда истиқболли профессионал соҳаларда бутунлай янги иш ўринлари яратиш, иш топишда кўмаклашиш кўзда тутилган. Фақат шу тарзда, хукуматларнинг барча куч тузилмалари ёрдамида мавжуд инқироздан чиқиб, аҳолининг фаровонлиги учун энг қулай шароитларни яратиш мумкин.

 

Фахриддин Отбосаров

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик
ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази
бўлим бошлиғи