Ҳалқлар орасидаги тинчлик ва аҳиллик тимсоли

18/11/2020
6

Ҳалқлар орасидаги тинчлик ва аҳиллик тимсоли

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган ва шундан буён ҳар йили 18 ноябр куни Давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида юртимизда кенг нишонланади.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир, давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи ҳам мавжуд. Ҳар бир байроқ ўз ранги ва тимсолларига эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда Республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроғимиз 1992 йил 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади, ўтган йиллар давомида, у халқаро майдонда мамлакатимиз куч-қудрати, мустақиллигимизнинг ифодаси, ҳалқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт байроғининг Бирлашган миллатлар ташкилоти бош қароргоҳи майдонида музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки бу дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга эканининг тасдиғи, мустақиллигининг тан олингани ифодасидир.

Мана бундан роппа-роса 29 йил муқаддам Ўзбекистон деб деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди. Шундан буён бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда, шавқу завқ билан кўзларга суртилиб, лабларга босилмоқда.
Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.

Ўзбекистонда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази барча юртдошларимизни ушбу сана билан қизғин муборакбод этади. Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!

Фахриддин Отбосаров

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик
ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази
бўлим бошлиғи