«Бобурийлар дипломатияси»

12/02/2021
36

«Бобурийлар дипломатияси»

Бобур каби мумтоз инсонларни дунёга берган халқ ҳеч қачон хор бўлмайди, муқаррар тарзда саодатга эришади.

Тарих сахифаларини варақлар эканмиз, ўзбек халқининг жаҳон маданияти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси, маънавияти узоқ ўтмишдан дунёга маълум ва машҳур бўлиб келгани кўзга яққол ташланади.

Аллоҳнинг инояти, аждодларимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва интилишлари туфайли бу захматкаш халқ орасидан Амир Темур, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Машраб ва Нодирабегим каби неча ўнлаб алломаю даҳолар, олиму фозиллар, шоиру рассомлар, подшоҳу саркардалар етишиб чиқдилар.

Миллат номини улуғлаган алломалар хақида гап борганда, ўзининг иқтидори, ақл-заковати, мураккаб тақдири хамда очиқ руҳий олами билан шоир Заҳириддин Мухаммад Бобур киши эътиборини ўзига кўпроқ тортади.

У давлат арбоби, шоир, саркарда, олим, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос ва айни пайтда ҳушхулқ инсон сифатида кўплаб ажойиб фазилатларга эга бўлган.

Бугунги кунда Бобурийлардан қолган ўлмас мерос ҳозиргача ардоқланиб келинмоқда. Бобурийлар даврида Ҳиндистон сиёсий, иқтисодий, маданий ривожланибгина қолмай, улар томонидан илм-фанга катта эътибор берилди. Бобурийлар даврида Ҳиндистон Ғарб ва Шарқ ўртасида кўприк вазифасини ўтади, шу билан бирга Бобурийлар ички сиёсати ҳар томонлама шаклланган бўлиб турли динга мансуб аҳолини бир жойга жамлай олди ва бу салтанат уч аср умр кўрди.

Бобурийлар ташқи сиёсати эса тинчлик ва ҳамдўстликка асосланган эди.

Биринчидан, миллий давлатчилигимиз тараққиёти жараёнида аждодларимиз томонидан яратилган сиёсий қарашларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уларга ҳолисона баҳо бериш, сиёсий таълимотларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, фуқороларни айниқса, ёш авлодни юксак аҳлоқий қадриятлар руҳида тарбиялашда, миллий давлатчилигимизнинг ривожланишида, буюк аждодларимиз, шу жумладан Заҳириддин Мухаммад Бобур қолдирган бой тажрибага таяниш ва шу асосда ёшларнинг миллий ўзлиги ва ғурурини юксалтириш, долзарб вазифалардан биридир;

Учинчидан, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида Бобурийларнинг жамият ҳаётини ташкил этишдаги ижтимоий-сиёсий фаолияти, айниқса, бугунги кун учун ҳам долзарб бўлган диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик каби сиёсатни олиб бориш борасидаги тажрибаларини тадбиқ этишни ҳозирда энг муҳим вазифаларидан бири деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун ҳам Бобурийлар даврида Ҳиндистон ташқи ва ички сиёсатини, дипломатиясини ўрганиш ва тадқиқ этиш муҳимдир.

Ҳиндистон ўзининг кўҳна ва қадимий тарихи ҳамда маданияти билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшди. У азалдан илм-фан, маданият ривожланган, миллий санъат тараққий этган мамлакатлардандир. Буюк ҳинд халқининг кўп минг йиллик тарихи, ижтимоий-иқтисодий тузуми, қадимий маданияти, миллий анъана ва урф-одатлари қўшни мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқининг ўтмиш тарихи билан ҳам чамбарчас боғланган. Миллий истиқлолга эришган ўзбек халқи — ҳинд халқи ҳаёти, адабиёти, санъатига, унинг миллий-озодлик курашига катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан қараб, қўшни Ҳиндистонни яқиндан чуқур англашга интилган. Айниқса ҳинд ва ўзбек халқининг ҳаёт тарзи, тили, адабиёти, санъати ҳамда 5 тарихи ўртасидаги муштараклик икки халқнинг бир-бирига яқин, ҳамнафас бўлишида катта аҳамият касб этади.

Бобур ҳинд заминига Ислом таълимотларини олиб кирган ва дин равнақига ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсдир. Ўн икки ёшида отаси Умаршайх Мирзо вафотидан кейин    подшоҳ бўлган Бобур Мирзонинг ҳаёти жангу жадалларда ўтган. Тақдир тақозоси билан она юртидан кетишга мажбур бўлган. Ҳиндистонга бориб ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, марказлашган қудратли давлатни барпо этган.

Бобур гўзал хулқ-атвор эгаси, тақво, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик, сабр-тоқат, ҳиммат, адолат, раҳм-шафқат каби хислатларни мужассамлаган.  Бу хислатлар унинг ижодида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

 

Шоир ушбу машҳур байт орқали: “Бировдан ёмонлик кўриб турганингда ҳам фақат яхшилик қил, ёвузликка эзгулик билан жавоб қайтар”, деб таъкидламоқда.

Бобур оддий халқ саводхонлиги ҳақида ҳам қайғурган, маданият ва таълимни ривожлантиришга катта эътибор берган. Унинг даврида Ҳиндистонда кўплаб мадрасалар қурилди, уларда эса география, математика, астрономия ва диний фанлар бўйича дарслар берила бошланди.

Бобурнинг ишини унинг ўғли Хумоюн давом эттирди. Бобурнинг набираси бўлган Ҳиндистон ҳукмдори Акбаршоҳ ҳам бобоси каби таълим ва маданиятга катта эътибор берган.

Унинг ҳукмронлиги даврида кўплаб таниқли олимлар, шоирлар ва рассомлар Ҳиндистонда самарали ишладилар. Бобурийлар даврида ҳинд миниатюра графикаси мактабига асос солинди, меъморчилик, мусиқа ривожланди, ҳиндларнинг «Рамаяна» ва «Маҳабхарата» достонлари бошқа тилларга таржима қилинди.

Ҳиндистон санъати ва меъморчилигига Марказий Осиё услубининг кириб келиши сезила бошлади. Бобур ва унинг ҳукмдор авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий-руҳий муҳит вужудга келди. Кейинчалик бу муҳит янги даврда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожланишига муҳим замин яратди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.

Бобурнинг асарларидаги ахлоқий қарашлар, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари инсонларни доим эзгуликка чорлаб туради.

 

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур. 

Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

 

Бобур ҳақида инглиз олими Уилям Эрскин шундай деган эди: «Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».

Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида буюк ҳинд давлат арбоби Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзган эди: «Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди».

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, буюк шоир ва элпарвар давлат арбоби ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.

Фахриддин Отбосаров

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик
ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази
бўлим бошлиғи