Давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси

25/01/2021
63

Давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси

2021 йил, 23 январь, соат 10.30 “Тараққиёт стратегияси маркази”да 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни ва таъминлаш, шунингдек вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, сенаторлар, қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этдилар.

Муҳокама этилган масалалар қаторида 2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигини самарали ташкил этиш, халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланиш каби долзарб мавзулар ўрин олди.

Ўзбекистон Президенти ШҲТ фаолиятидаги муваффақиятларнинг асосий кафолати халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, ўзаро манфаатларни инобатга олиш, тўла тенглик эканини бир неча бор таъкидлаган.

ШҲТ нисбатан қисқа давр ичида халқаро муносабатларда муҳим рол ўйнаётган нуфузли ташкилотга айланди. Ҳозирги кунда бутун ташкилот, шу жумладан аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот ҳамкорлари 18 мамлакатни бирлаштиради.

ШҲТ ҳудуди ер юзининг тўртдан бир қисмини эгаллайди ва дунё аҳолисининг деярли ярмини бирлаштиради. Албатта, бундай улкан салоҳиятга эга ташкилот Евросиё қитъасидаги муносабатларнинг янги турини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бу борада эса халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланиш айниқса муҳим.

Бугунги кунда халқаро муаммоларни ҳал этишда халқ дипломатияси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ дипломатияси – маданият ва анъаналарни яхшироқ тушуниш учун халқлар ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётган турли халқлар ва ташкилотларнинг оддий ва бевосита мулоқотидир.

Бундай дипломатиянинг ўзига хос хусусияти – унда мансабдор шахслар эмас, балки сиёсатга боғлиқ бўлмаган халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, оддий одамлар иштирок этадилар.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш зарурати Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг доимий аъзолари сафига қўшилгандан сўнг янада ошди, зеро ташкилот Евроосиёнинг Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Ислом цивилизациялари каби бир неча йирик тамаддун марказларини бирлаштирувчи маконга айланди.

Бу цивилизациялар нафақат бетакрорлиги ва анъанавийлиги бўйича баъзи умумий хусусиятларга эга, балки урф-одатлар, қадриятлар ва турли маданий амалиётлар билан ҳам ажралиб туради. Агарда ШҲТ каби халқаро майдондаги ташкилотлар, аввало, сиёсий ва иқтисодий прагматизмни кўзлаб иш юритишса, халқлар кўпроқ қалбан яқинлашади, бу эса давлат қурилиши ва бошқарувида ғоялар ҳамда мафкуравий тузилмаларнинг ўрнини белгилаб беради.

Яна бир муҳим жиҳат ШҲТ давлатлари нафақат дунёдаги сиёсий вазият туфайли, балки минг йиллар давомида савдо-сотиқ, маданий-маънавий қадриятлар алмашинуви маркази ҳисобланган Буюк ипак йўли бирлаштирган чуқур тарихий ва маданий алоқалар орқали ўзаро боғлиқлар.

Марказ ташкил этилган даврдан бошлаб ўз фаолиятини “Шанхай руҳи” тамоилларини фаол тарғиб қилишга қаратган.

“Шанхай руҳи” асосида ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, ўзаро маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат, биргаликда ривожланишга интилиш каби тушунчалар ётади. Унинг мантиқий асосларига киритилган ҳар бир концепция чуқур маънога эга. Ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик ва ўзаро маслаҳатлашувлар – “янги хавфсизлик модели” асосини ташкил этади.

“Ўзаро ишонч” ўзаро тушунишга, халқаро шартномалар ва мажбуриятларга риоя қилишга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига риоя қилишга асосланган самимий муносабатларни назарда тутади.

“Ўзаро манфаат” тамойили барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва кафолатлаш зарурлиги, ўз мамлакатининг хавфсизлиги бошқа давлатларнинг хавфсизлиги билан ажралмас эканлигини билдиради.

Халқаро муносабатлар субъектларининг “тенглиги” уларнинг ҳудуди катталиги, фаровонлик даражаси ва давлат ҳокимиятидан қатъи назар, уларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги тенг мақомини назарда тутади. Уларнинг барчаси тинчлик ва осойишталикка, ўз манфаатларини ҳимоя қилишга, баъзи давлатларнинг бошқалардан устунлик қилишга интилишларига қарши курашда тенгдирлар.

“Ҳамкорлик” тамойилида бир давлат бошқасига қарши иттифоқ тузмаслиги, мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали яширин таҳдидларга барҳам бериши, зиддиятларни тинч йўл билан ҳал қилиши, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиши ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаши тушунилади.

“Маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш” тамойили – замонавий дунёда маданиятлар ва цивилизациялар хилма-хиллигини тан олиш, ҳар бир давлатнинг тарихи ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ҳар бир миллатнинг ўз ижтимоий тизими ва ривожланиш моделининг мустақил танловига ҳурмат билдиришни англатади.

“Биргаликда ривожланишга интилиш” шимол ва жануб ўртасидаги номутаносибликни камайтириш ва ижтимоий табақаланиш муаммосини ҳал қилиш, ҳамкорлик жараёнида ўзаро фаровонликка интилиш, бошқа давлатларнинг ҳар қандай ижобий тажрибасини ўрганишни англатади.

“Шанхай руҳи» замонавий воқеликларга мос келади ва ШҲТга аъзо давлатларнинг жаҳон тартиботининг асосий масалалари бўйича жамоавий позициясини акс эттиради. Ушбу моделда бирор-бир давлат хавфсизлигини минтақа ва ҳатто бутун дунё хавфсизлигидан ажратиб бўлмайди.

Хавфсизликнинг анъанавий концепцияси урушлар ва инқилоблар даврида шаклланган бўлиб, хавфсизлик муаммоларини ҳарбий-дипломатик усулда ҳал қилиб келган. Бу ўйинда бирор давлат ғалаба қозонса, иккинчиси муқаррар равишда мағлуб бўлган. Шу боис, ҳарбий иттифоқлар тузилиши ва баъзи давлатларнинг ҳарбий қудратини доимий равишда ошириб боришига сабаб бўлган.

Янги модел ўзаро боғлиқликнинг юқори даражасига эга бўлган жаҳон тизимини шакллантириш шароитида индивидуал давлат хавфсизлиги аста-секин умуминсоний хавфсизликка яқинлашиб, халқаро ва глобал даражага эга бўлишидан келиб чиқади. Шу билан бирга, бизнинг давримиздаги инсонлар дуч келадиган муаммоларнинг аксарияти трансчегаравий характерга эга. Масалан, молиявий ва энергетик инқирозлар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, терроризм ва юқумли касалликлар тарқалиши. Уларни халқаро ҳамжамият аъзоларининг қарама-қаршиликлари билан эмас, балки кўп томонлама ҳамкорлик орқали ҳал қилиш мумкин.

Ўзаро ишонч ва тенглик “Шанхай руҳи” назариясининг ажралмас элементлари сифатида халқаро муносабатларнинг янги моделининг жамланган ифодасига айланди

Жаҳон тарихида айрим давлатлар куч ишлатиш сиёсатига таяниб ва ​​ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, бошқа давлатларни эксплуатация қилгани, уларга қарши тажовуз қилгани, узоқ муддатли ва қонли можароларни қўзғатган ҳолатлари бўлган. Халқаро муносабатларнинг янги концепцияси унинг иштирокчиларининг ўз зиммаларига олган мажбуриятларга содиқлигига асосланади. Унинг ўзига хос хусусияти — бу давлатлараро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва қуролли босим ўтказишга йўл қўймаслик. Ушбу моделда барча мамлакатлар халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари бўлиб, уларнинг ҳеч бири халқаро муносабатларда махсус, юқори лдаражани талаб қилишга, ҳукмрон ва гегемонликка даъво қилишга ҳақли эмас.

ШҲТнинг шаклланиши дастлаб мамлакатларимиз ва халқларимизнинг тинчлик ва барқарорлик таҳдидларига қарши курашиш билан бирга манфаатли минтақавий ҳамкорлик қилиш истагига боғлиқ бўлган. Бошқача айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – ўз аъзоларининг замонамиздаги муаммоларга нисбатан жамоавий жавобидир. Бугун биз ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли ШҲТ макони йирик халқаро можаролардан мустасно ҳудуд деб бемалол таъкидлай оламиз.

Дунёда содир бўлаётган воқеа ва ходисалар халқларнинг бир-бирига яқинлашишини тақозо этяпти. Аёнки, бунга маданий-гуманитар алоқаларни, олимлар, мутахассислар, жамоат ташкилотлари ва оддий кишилар ўртасида мулоқот ўрнатмай туриб эришиб бўлмайди. Бунинг учун турли фестиваллар, ярмаркалар, кўргазмалар, таҳлилий марказлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим.