Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази 2 ёшда

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази 2 ёшда

Maqola sanasi:27 Iyun 2020

 

2020 йил 26 июнь куни Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси марказининг икки йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир 27 июнь - Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида ўтказилиб, миллий телевидение ва интернет орқали онлайн трансляция қилинди.

Тадбирни очар экан, Ўзбекистондаги ШҲТ халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров қуйидагиларни гапириб ўтди.

2017 йилда Қозоғистонда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббуслар муваффақиятли амалга оширишда халқ дипломатияси механизмларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар, маданият, олий ва ўрта махсус таълим, жисмоний тарбия ва спорт, маданият вазирликлари, туризм агентлиги, фанлар академияси, ёшлар, журналистлар ва ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси марказини ташкил этиш таклифи билан чиқдилар.

2018 йил 26 июнда, яъни роппа роса 2 йил аввал,  Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказини ташкил этишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди.

Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш белгиланган.

Марказ ташкил топган кундан бошлаб халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда маданият, таълим, фан ва техника соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этди. Улар орасида қуйидагиларни таъкидлаш лозим:

ШҲТ мамлакатлари маданияти, тарихи, анъаналари ва табиатини акс эттирган "Дунё болалар нигоҳида" болалар расмлари кўргазмасини ташкил этди. 700 дан ортиқ болалар асарлари қабул қилинди. Кейинчалик Пекинда Хотин-қизлар ва болалар музейида жажжи рассомлар асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Хитойнинг ШҲТ яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси илтимосига кўра ўзбекистонлик болалар расмлари ҳам мазкур кўргазмада намойиш этилди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида "Халқ дипломатияси халқаро муносабатлар омили сифатида: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти амалиёти" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Санкт-Петербургда фашизм устидан қозонилган ғалаба куни арафасида "Халқ хотираси муқаддас” деб номланган архив фотосуратлар кўргазмасини ўтказилди. Унда уруш пайтида Ленинград остонасида жанг қилган ва ҳалок бўлган хамюртларимиз ҳамда мамлакатимизга эвакуация қилинган шаҳар аҳолиси суратлари акс этди.

Учрашувлар ва мулоқот пайтида, Санкт-Петербургнинг ёши катта аҳолиси ҳали ҳам уруш ва эвакуация йилларини эслайди, аммо ёш авлод ўша йиллардаги воқеалар ҳақида жуда кам маълумотга эга. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир ёш авлодга умумий тарихни яна бир бор ёдга солиб, ўзаро ҳурмат туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Тошкент давлат шарқшунослик институтида атоқли Ҳинд давлат арбоби Махатма Ганди таваллудининг 150 йиллигига бағишланган "Махатма Ганди фалсафий таълимотида халқ дипломатияси" мавзусида семинар ташкил этилди.

Тошкентда аккредитациядан ўтган элчихоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали ҳамда минифутбол турнирларини ташкил этишда иштирок этдик.

Алишер Навоий миллий кутубхонасида ШҲТга аъзо мамлакатлар тарихи, уларнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-гуманитар соҳаларга оид ўзбек, рус, инглиз, форс, қозоқ, қирғиз, ҳинд, урду ва хитой тилларидаги 300 га яқин китоблар жамланган "ШҲТ билимлар зали" яратилди.

Шу кунларда COVID-19га қарши курашда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган тиббиёт ходимлари, шифокорлар, ҳамширалар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва оддий кўнгиллилар ҳақида мақолалар тайёрлаб махаллий ва хорижий ахборот воситаларида гапириб келмоқдамиз. "Замонамиз қаҳрамонлари" сарлавҳаси остида ҳамшира Фотима Ҳусанова, профилактика инспектори Отабек Бегматов, кўнгилли Сибел Ризаева ва миллий гвардия сержанти Ҳусниддин Суяровларнинг қаҳрамонликлари ҳақида сўзлаб бердик.

Болалар расмлари кўргазмасини ташкил этишнинг яхши анъанасини давом эттирган ҳолда шу йил Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида "Рангларнинг сеҳрли олами" болалар расмлари онлайн-кўргазмасини ташкил этдик.

ШҲТ ташкил этилганининг 19 йиллиги арафасида юртимиздаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида "Халқ дипломатияси - жаҳонда тинчлик сари йўл" мавзусида онлайн иншолар танлови ўтказдик.

Матбуот анжумани доирасида марказ томонидан нашр этилган “Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги” китоби ва “Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити” китобларининг ҳамда “ШҲТга аъзо мамлакатларининг почта маркалари эсдалик альбоми” тақдимоти ўтказилди.

Марказ ижодий жамоаси раҳбари, таниқли олим, таржимон, филология фанлари номзоди Зухриддин Исомиддинов анжуманда сўзга чиқиб қуйидагилар ҳақида гапириб бердилар.

“ШҲТ мамлакатларида жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизи ишлаб чиқарилади, дунё аҳолисининг 43 фоизи истиқомат қилади ва бу юртлар Ер юзининг 23% фоизини ташкил қилади. Россия билан Қозоғистон, гарчи икки қитъа – Европа ва Осиёда жойлашган бўлса-да, Россиянинг тўртдан уч қисми, Қозоғистоннинг эса қарийб 95 фоиз ҳудуди Осиёнинг муаззам кенгликларидадирки, бу асосга кўра, ушбу тўпламдаги эртакларни тўла асос билан жаҳон адабиётида “кўҳна қитъа” деб аталадиган Осиёнинг фольклор намуналари, деб айтиш мумкин. Буюк ипак йўли теграсидаги юртларда яшаб келаётган бу халқларнинг эртакларига Шарқ замини кишиларининг осиёвий тахайюли самаралари деб қараш тўғри бўлади.

Кейинги ярим аср мобайнида бизда “эртак – болалар учун тўқилган овутмачоқ”, дегандай бир нотўғри қараш шаклланиб қолди. Ҳолбуки, бутун Шарқ халқларида, эртаклар (бошқа фольклор асарлари ҳам) “болалар учун”, “катталар учун” деб иккига ажратилмаган, улар ўртасидан баланд девор олинмаган. Қадимда деярли ҳар оқшом барча ёшдаги одамлар эртак эшитишган. Эртак-ку, катта ҳажмли нарса, ҳатто топишмоқ сингари зеҳн чархлайдиган жумбоқлар ҳам каттаю кичикни қизиқтирган, нафақат болалар, улуғ ёшли одамлар ҳам топишмоқ устида бош қотирган.

Шунинг учун ҳам бугун тақдимот этилаётган китобга болалар учун эрмакка тўқилган янги замон эртакларини эмас, балки минг йиллардан бери аждоддан авлодга ўтиб, сайқал топиб келаётган, халқ миллий руҳиятини тўлароқ акс эттирадиган эртакларни киритишга ҳаракат қилдик. Аммо турли йилларда турли тўпламларда илгари чоп этилган тайёр таржималардан олиб фойдаланилмади, балки янги таржималар киритилди. Барча туркий тиллардан, шунингдек тожик ва рус тилидан эртаклар аслиятдан ўгирилди Афсуски, фурсат оз бўлгани ва ҳали малакали таржимонлар камлиги боис, Хитой, Покистон ва Ҳиндистон эртакларини русчадан таржима қилишга тўғри келди”.

Қ.Собиров марказнинг келажак режалар ҳақида гапирар экан ҳозирда “Саккиз элнинг саксон буюк сиймоси” деб номланган ШҲТга аъзо мамлакатларнинг буюк олим ва мутафаккирлари китоби устида ишлар давом этаётганлигини ва яқинда нашр этилиши гапириб ўтди.

Давлатимиз раҳбари шу йил январь ойидаги Олий Мажлисга мурожаатномада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши ва ташкилот доирасида фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарурлигини таъкидлаганан эдилар.

Мана шу мақсадлардан келиб чиқиб ҳамда Марказ ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, ўзаро маслаҳат, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, биргаликда ривожланиш истаги билан йўғрилган "Шанхай руҳи" тамоилларини фаол тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини давом эттиради.

ШҲТ давлатлари ва халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириш минтақавий ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва очиқ мулоқот учун шарт-шароит яратишга шубхасиз ёрдам беришига ишонч билдирилди.